Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз ҳудудидаги қатор йирик инфратузилма объектларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Республика вилоятлари ҳудудидаги инфратузилма объектлари қаторида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга А380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўли ҳам фойдаланишга топширилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев, Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов, Автомобил йўллари қўмитаси раиси Ж.Турсунов, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари М.Омаров ва фаоллар билан ёшлар, маҳаллий аҳоли вакиллари видеоалоқа орқали иштирок этди.

Айтиш жоизки, Президентимизнинг 2022 йил 30 декабрдаги 465-сон  қарорига асосан, Осиё тараққиёт банки иштирокида республикамизнинг Қўнғирот тумани ҳудудида халқаро аҳамиятдаги А380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлида 240 километрли цемент-бетон қопламали янги йўл барпо этилди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 383,4 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, шундан Осиё Тараққиёт банкининг маблағи – 274,2 миллион АҚШ долларини, Ўзбекистон Республикасининг улуши эса 104,2 миллион АҚШ долларини ташкил этди ва қурилиш ишлари 2020—2024 йилларда амалга оширилди. Жорий йилда 240 километр йўл қисмини мукаммал реконструкция қилиш лойиҳаси якунланиб, фойдаланишга топширилмоқда.
Мазкур автомобиль йўлини 2 тасмали цемент-бетон қопламали йўлга айлантириш ишлари Туркиянинг “Пўлат йўл япи сан ве Тик СА” ва Озарбайжоннинг “Норд Вест Констракшин” қўшма корхонаси, шунингдек, Хитойнинг “China Road and Bridge Corporation” компанияси томонидан амалга оширилди.
Амалга оширилган лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири халқаро ва давлат миқёсидаги автомобиль йўлларини халқаро стандартлар ва андозалар талабларига мос равишда юқори даражадаги сифатли ҳолатга келтириш ҳисобланади.

Шу билан бирга, лойиҳа бўйича йўлнинг ўтказувчанлик қобилияти ошиб, таъмирлаш ва эксплуатация қилиш харажатлари қарийб 2,5 баравар иқтисод қилиниши, халқаро ва транзит юк ташишлар, шу жумладан йўловчи ташишлар ҳажми бир неча баробарга оширилиши, реконструкция қилинган йўл қисмида ҳалокатли йўл-транспорт ҳодисаларининг сони 2 баробарга камайтирилиши, лойиҳа қисмида йўлга сарфланадиган вақтни 2,2 баробарга тежалиши, минтақалар бўйича ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши, шу жумладан маҳаллий аҳоли турмуш даражасини янги инфратузилма ва реконструкция қилинадиган йўллар ҳисобига оширилишини таъминлаш, автомобиль йўлининг атроф-муҳитга салбий таъсирини минималлаштиришга эришилади.
Жаҳон стандартларига мос, сифатли қуриб битказилган мазкур автомобиль йўли кўп йиллар давомида халқимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишга хизмат қилади.

Қарақалпақстан Республикасы Жоқарғы Кеңесиниң Мәлимлеме хызмети